Имтиёз белгилари — расмлари ва изоҳлари
Имтиёз белгилари — Ўзбекистон Республикаси йўл ҳаракати қоидаларидаги белгилар гуруҳларидан бири. Қуйида ҳар бир белгининг рақами, расми ва маъноси берилган.
Белгиларни билиш назарий имтиҳон учун зарур: деярли ҳар бир билетда йўл белгилари бўйича савол бор.
2.1 Асосий йўл
Ҳаракат тартибга солинмаган чорраҳаларда олдин ўтиш ҳуқуқини беради. Белги асосий йўл бошига ва чорраҳаларнинг бевосита олдига ўрнатилади.
2.2 Асосий йўлнинг охири
Асосий йўлнинг тугаганлигини ва олдинда имтиёз ўзгарганлигини билдиради.
2.3.1 Иккинчи даражали йўл билан кесишув
Асосий йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчини олдинда иккинчи даражали йўл билан кесишув борлиги ҳақида огоҳлантиради. Аҳоли пунктларида киришмагача 50 — 100 метр масофада, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 — 300 метр масофада ўрнатилади.
2.3.2 Иккинчи даражали йўл билан туташув (ўнгдан)
Ўнг томондан иккинчи даражали йўл туташишини билдиради. Аҳоли пунктларида киришмагача 50 — 100 метр масофада, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 — 300 метр масофада ўрнатилади.
2.3.3 Иккинчи даражали йўл билан туташув (чапдан)
Чап томондан иккинчи даражали йўл туташишини билдиради. Аҳоли пунктларида киришмагача 50 — 100 метр масофада, аҳоли пунктларидан ташқарида эса 150 — 300 метр масофада ўрнатилади.
2.4 Йўл беринг!
Ҳайдовчи кесиб ўтилаётган йўлдан, 7.13 қўшимча-ахборот белгиси бўлганда эса асосий йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.
2.5 Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган
Тўхташ чизиғи олдида, агар у бўлмаса, кесиб ўтиладиган қатнов қисмининг четида тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланади. Ҳайдовчи кесиб ўтилаётган йўлдан, 7.13 қўшимча-ахборот белгиси бўлганда эса асосий йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак. Бу белги темир йўл киришмаси ёки карантин масканидан олдин ўрнатилиши мумкин.
2.6 Рўпара ҳаракатланишнинг устунлиги
Қарама-қарши ҳаракатланишни қийинлаштирадиган ҳолларда йўлнинг тор қисмига кириш тақиқланади. Ҳайдовчи йўлнинг тор қисмида бўлган ёки рўпарадан унга яқин бўлган транспорт воситасига йўл бериши керак.
2.7 Рўпарадаги ҳаракатланишга нисбатан имтиёз
Йўлнинг тор қисмида ҳаракатланишда ҳайдовчи рўпарадан келаётган транспорт воситасига нисбатан имтиёзга эгалигини билдиради.